Аллоҳ хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага сизларни далолат қилайми?

Аллоҳ хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага сизларни далолат қилайми?

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага сизларни далолат қилайми?» дедилар. «Ҳа, Эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Қийинчиликларда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни кутиш. Ана ўша ишингиз риботдир», дедилар.

[Саҳиҳ] [Имом Муслим ривояти]

الشرح

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан: «Гуноҳларнинг мағфират қилинишига, амалларни ёзиб борувчи фаришталар дафтарларидан ўчирилишига ва жаннатдаги даражаларнинг юксалишига сабаб бўладиган амалларга далолат қилишимни хоҳлайсизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ҳа, хоҳлаймиз», дейишди. У зот айтдилар: Биринчиси: Қийинчилик ва машаққатларга қарамай, масалан, совуқда, сув камлигида, танадаги оғриқ ёки сувнинг иссиқлигида таҳоратни мукаммал ва тўла-тўкис қилиш. Иккинчиси: Уйнинг узоқлиги ёки кўп қатнаш сабабли масжидлар сари кўп қадам ташлаш. Учинчиси: Намоз вақтини интизорлик билан кутиш, қалбни намозга боғлаш, унга шайланиш ва жамоат намозини кутиб масжидда ўтириш. Бир намозни ўқиб бўлгач, намозгоҳида кейинги намозни кутиш. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишлар ҳақиқий «рибот» эканини баён қилдилар. Чунки бу амаллар нафсга келадиган шайтон йўлларини тўсади, ҳавойи нафсни енгади ва уни васвасаларни қабул қилишдан қайтаради. Бу билан Аллоҳнинг аскарлари шайтон лашкари устидан ғолиб келади. Бу эса «катта жиҳод» бўлиб, душман чегарасидаги қўриқчилик (рибот) мақомидадир.

فوائد الحديث

Масжидда жамоат намозини адо этишга бардавом бўлишнинг аҳамияти ҳамда намозларга эътиборли бўлиб, улардан чалғимаслик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал таълим услублари: саҳобаларни қизиқтириш учун гапни савол бериш орқали улкан ажр-мукофотни зикр қилишдан бошладилар. Бу таълим беришнинг энг самарали усулларидан биридир.

Масалани савол-жавоб тарзида баён қилишнинг фойдаси: аввал (жавобни) номаълум қолдириб, сўнг баён қилиш орқали сўзнинг қалбдан чуқурроқ жой олишини таъминлайди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «"Мана шу риботдир", яъни тарғиб қилинган ҳақиқий рибот мана шудир. Аслида "рибот" сўзи бир нарсага боғланиб, (нафсни) тутиб туришни англатади. Гўёки киши ўз нафсини мана шу тоатга боғлаб қўйгандек бўлади. Шунингдек, "нафс жиҳоди — энг афзал жиҳод" дейилганидек, бу амаллар ҳам энг афзал рибот экани айтилган. Ёки бу киши учун қулай ва имконли бўлган рибот, яъни риботнинг бир туридир».

"Рибот" сўзининг такрорланиши ва "ал-" (аниқлик) қўшимчаси билан келиши — бу амалларнинг шаъни ва мартабаси нақадар улуғ эканига далолат қилади.

التصنيفات

Солих амаллар фазли