Эй Одам боласи, мадомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсангда, парво қилмасдан мағфират этаман

Эй Одам боласи, мадомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсангда, парво қилмасдан мағфират этаман

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, мадомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсангда, парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гунохлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, Мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!»

[Ҳасан] [Тирмизий ривояти]

الشرح

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердиларки, Аллоҳ таборака ва таоло ҳадиси қудсийда шундай деди: «Эй Одам боласи! Сен мендан дуо қилиб сўраб турар экансан, раҳматимдан умид узмасанг, гуноҳларингни кечираман ва уларни ўчириб ташлайман, улар катта гуноҳлардан бўлса ҳам, мен унга эътибор бермайман. Эй Одам боласи! Агар сенинг гуноҳларинг осмон билан ер орасини тўлдирадиган даражада кўп бўлиб, унинг кенгликларига етиб, ҳар тарафини қамраб олса ҳам, кейин сен мендан истиғфор сўрасанг, кўплигига қарамасдан барчасини кечираман ва ўчириб ташлайман. Эй Одам боласи! Агар сен менинг ҳузуримга ерни тўлдирганча гуноҳ ва осийлик билан келсанг-да, лекин ширк қилмаган ҳолингда, яъни муваҳҳид бўлган ҳолда келсанг, мен сени ерни тўлдирганича мағфират билан қарши оламан. Чунки менинг мағфиратим кенгдир ва Мен ширкдан бошқа барча гуноҳларни кечираман».

فوائد الحديث

Аллоҳ таоло раҳмати, мағфирати ва фазлининг беқиёс кенглиги.

Тавҳиднинг улуғ фазилати – Аллоҳ таоло тавҳид аҳлининг гуноҳ ва осийликларини мағфират этади.

Ширкнинг хатари катта экани ва Аллоҳ мушрикларнинг гуноҳларини мағфират қилмаслиги.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: бу ҳадисда гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган уч нарса жамланган:

Биринчи: дуо қилиш ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш.

Иккинчи: истиғфор айтиш ва тавба қилиш.

Учинчи: тавҳид билан вафот этиш.

Бу ҳадис — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Раббилари номидан ривоят қилган ҳадисидир. У «қудсий» ёки «илоҳий» ҳадис деб аталади. Унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳдан, лекин Қуръонга хос бўлган сифатларга эга эмас. Масалан, тиловати билан ибодат қилиш, унинг учун таҳорат олиш, таҳаддий қилиш ва мўъжиза каби хусусиятлари унда йўқ.

Гуноҳлар уч турлидир:

Биринчи: Аллоҳга ширк келтириш. Бу гуноҳни Аллоҳ кечирмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қиладир».

Иккинчи: банда билан Раббиси орасидаги гуноҳ ва маъсиятлар. Аллоҳ азза ва жалла истаса буларни кечиради ва ташлаб қўяди.

Учинчи: бандаларнинг бир-бирига зулм қилиши. Аллоҳ гуноҳнинг бу туридаги ҳеч нарсани қолдирмайди, балки қасос шартдир.

التصنيفات

Исм ва сифат тавҳиди, Тавба